Нобел мукофоти лауреати, таниқли кимёгар, Нагоя университети профессори Рёджи Ноёри Ўзбекистонга расмий ташрифи

Нобел мукофоти лауреати, таниқли кимёгар, Нагоя университети профессори Рёджи Ноёри Ўзбекистонга расмий ташрифи

2018 йил 28-31 август кунлари Нагоя университети президенти Сейичи Мацуо раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
2018 йил 29 август куни Нобел мукофоти лауреати, таниқли кимёгар, Нагоя университети профессори Рёджи Ноёри иштирокидаги Тошкент шахри Ёшлар иттифоқи Марказида Ўзбекистон-Япония симпозиуми ўтказилди.
Шу куни ТошДТУ ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказида иқтидорли ёш тадқиқотчилар билан Нобел лауреати Рёджи Ноёри учун давра суҳбати ўтказилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга дунёнинг энг нуфузли мукофотларидан бирининг лауреати ташрифи мамлакат тарихида илк маротаба амалга оширилди.
Профессор Ноёри таниқли кимёгар бўлиб, тадқиқот фаолияти каталитик ассиметрик синтез билан боғлиқ. У 2001 йилда бу соҳадаги ўзининг илмий кашфиёти учун Нобел мукофоти соҳиби бўлган. Р. Ноёри Япония таълим, маданият, спорт, фан ва техника вазирлигининг илмий кенгаши ҳақиқий аъзоси, Европа мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия, Хитой Фанлар Академиялари ва БМТнинг турли етакчи лойиҳалари аъзоси ҳисобланади.
Нобел мукофоти соҳиблари иштирокидаги илмий симпозиум ва давра суҳбатлари шубҳасиз илм-фан ва инновация соҳасида давлат сиёсатининг стратегик мақсад ва вазифаларини муваффақиятли амалга оширадиган ёш, иқтидорли тадқиқотчилар ва ўқитувчиларимизнинг илмий ва инновацион фаолиятини рағбатлантиришга ёрдам беради.
Шунингдек, Япония делегациясининг ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академияларида учрашувлар ўтказилиши ҳамда Ўзбекистоннинг ноёб диққатга сазовор жойлари билан танишиш учун Самарқандга ташриф буюриши режалаштирилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, Нагоя университети 20 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан фан ва таълим соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунда 200 дан ортиқ Ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчилар Нагоя университетида магистратура ва докторантурани мувофаққиятли тамомлаб, мамлакатимизнинг давлат, хусусий ва ташқи буғинларида ҳамда хорижий мамлакатларда муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. 2010 йилда Тошкентда Нагоя университетининг Марказий Осиё давлатлари бўйича ваколатхонаси очилди. 2015 йил октябрь ойида ва 2018 йил июнь ойида Осиё институти Сунъий йўлдош кампусининг Ҳуқуқ ва педагогика соҳасидаги кампуслари очилди.
Ташриф доирасида 2018 йил 29 август куни ТошДТУ қошидаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг фаол залида Нагоя университети ва Тошкент давлат техника университети ўртасида талабалар алмашинуви тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Меморандум доирасида Ўзбекистонлик иқтидорли талабаларни Нагоя университетида бепул ўқитиш бўйича Нагоя университети ва Тошкент давлат техника университети ўртасида ўзаро келишувга эришилди.